Қисқача тавсифи
«Яхшилик ва силаи раҳм. 1-жуз» китобининг электрон нашри.
Бандаларини яхшилик ва силаи раҳм қилишга амр этган Аллоҳ таолога У Зотнинг улуғлигига муносиб ҳамду санолар бўлсин!
Яхшилик қилувчиларнинг раҳбари ва силаи раҳм этувчиларнинг сарвари, набийларнинг афзали Муҳаммад Мустафога мукаммал ва тугал салавоту саломлар бўлсин!
Аллоҳ таоло бизга янги бир китобни бошлашни насиб этиб турибди. Бу китоб Ҳусайн ибн Ҳасан Марвазийнинг қаламига мансуб бўлиб, унинг номи «Китабул бирри вас-сила», яъни «Яхшилик ва силаи раҳм китоби»дир. Бошқача қилиб айтганда, одамларга яхшилик ва қариндош-уруққа силаи раҳм қилиш ҳақидаги китоб.
Ушбу сатрлар орқали Аллоҳ таолонинг ёрдами ила одамлар орасида бир-бирларига қилиниши мумкин бўлган барча яхшиликларни ўз ичига олган китобни ўрганиш арафасида турибмиз.
Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал дини бўлмиш Исломда одамларнинг ўзаро муносабатларида қайси нарсалар яхшилик ҳисобланиши мана шу китобдан билинади.
Бу китобнинг муаллифи ўзимизнинг Мовароуннаҳр диёридан чиққан уламолардан Ҳусайн ибн Ҳасан Марвазий раҳматуллоҳи алайҳидир. У киши ҳижрий 246 санада вафот этганлар. Яъни бу китобнинг ёзувчиси жуда қадимги уламолардан ҳисобланади.
Ҳусайн ибн Ҳасан Марвазий раҳматуллоҳи алайҳи «Китабул бирри вас-сила» китобини таълиф қилишда кўпроқ буюк муҳаддис, улуғ олим Абдуллоҳ ибн Муборак Марвазийнинг дарсларидан ва асарларидан фойдаланган.
Бу китоб ўзига ўхшаган кўплаб қадимги китоблар қатори қўлёзма шаклида қолиб кетган эди. У «Мактабаи Зоҳирия» номли қўлёзмалар кутубхонасида турганда биродаримиз доктор Муҳаммад Саъид Муҳаммад Ҳасан Бухорий уни суратга олиб, ўзлари яшаб турган Маккаи Мукаррамага олиб борган. Кейин қўлёзмани тадқиқ қилган.
Кўп вақтдан буён у кишининг бу ёзиқлари илмий иш сифатида сақланар эди. Камина ходимингиз уни китоб шаклига келтиришни илтимос қилган эдим. Алҳамдулиллаҳ, мана, китоб шаклига ҳам келди. Доктор Муҳаммад Саъид Бухорий ўз илмий ишини расмий равишда китоб ҳолида чоп қилиб чиқарди. Кўпчилик бу китобни ўқиб, фойдаланди.
Доктор Муҳаммад Саъид Бухорий муҳаддис бўлиб танилган олимдир. У киши ҳадис бўйича жуда катта илмга эгалар. Имом Табаронийнинг «Китоби дуо» номли катта китобини уч жилдда тадқиқ қилиб, чоп эттирган ва ана шу китоб билан машҳур бўлган. Ундан кейин яна бир нечта китоблар ёзган, яна баъзи китобларни таълиф қилмоқда.
У киши бир муддат Маккаи Мукаррамадаги Уммул Қуро университети Усулуд-Дин куллиясининг декани сифатида фаолият юритди. Ҳозир илмий ишларини давом эттирмоқда.
«Китабул бирри вас-сила» китоби чоп бўлиб чиққанида, «Имкони бўлса, таржима қилиб, овозда ёзиб, халқимизга етказамиз», деган гапларни айтиб қўйган эдим.
Аллоҳ таолонинг Ўзи шу ниятга етказди. Аввал «Китабул бирри вас-сила»нинг оғзаки таржимаси ва шарҳини тақдим этиш шарафига эришдик. Турли илмий суҳбатларда, айниқса, жума кунлари баъзи аҳбоблар билан қуриладиган суҳбатларда бу китобдан қўлдан келганича оғзаки таржима ва шарҳ қилиб, овозни ёзиб боришни йўлга қўйдик.
Таржима ва шарҳ оғзаки тарзда тамом бўлганидан кейин у дискларга рухсатли қилиб чоп этилди. Мухлислар бу нарсани жуда яхши кутиб олдилар. «Ота-онага ва қариндошларга яхшилик қилиш ҳақида биз билмаган маълумотлар бор экан», деб бир-бирларига айтиб, унинг тарқалишига ҳам ҳисса қўшдилар.
«Китабул бирри вас-сила»нинг ёзма шарҳига уриниш жараёнида баъзи шахслар ёрдамида оғзаки шарҳни компьютерга кўчириш бошланди. Ушбу машаққатли ишни Озод Мунаввар жаноблари охирига етказдилар. Бу ишда иштирок этганларнинг барчаларига чин қалбдан ташаккурларимизни изҳор этамиз.
Албатта, оғзаки ва ёзма шарҳ орасидаги фарқ жуда катта бўлади. Баъзи кишиларимиз: «Оғзаки нарсани ёзмага айлантиргандан кўра янгитдан ёзиб қўйган осон», дейишади. Оғзаки таржима ва шарҳда айниқса у одамлар ичида, жонли суҳбат давомида бўладиган бўлса, бемалол ўйлашга, керакли далил излашга мутлақо имкон бўлмайди. Шу ва шунга ўхшаш бошқа турли сабабларга кўра оғзаки таржима ва шарҳда кўпгина ноаниқлик ва хатоларга йўл қўйилиши турган гап.
Ёзма таржима ва шарҳда эса ҳар бир сўз ёки жумлани истаганча ўрганиш, луғат ва шарҳ китобларни кўриш имкони бор. Бир муддат ўтгандан кейин йўл қўйилган хато ва камчиликларни тўғрилаб қўйиш, шунингдек, баъзи нарсаларни чиқариб ташлаш ёки қўшиб қўйиш ҳам осон. Ушбу ишда ҳам айтиб ўтилган ҳолатларнинг барчаси рўй берди, десак, муболаға қилмаган бўламиз.
«Китабул бирри вас-сила»нинг бу шарҳи фақат илмий доираларга эмас, асосан кўпчиликка қаратилганлиги эътиборидан, Ҳусайн ибн Ҳасан Марвазий раҳматуллоҳи алайҳининг эмас, Муҳаммад Саъид Бухорийнинг сарлавҳа ва бобларини олишни маъқул кўрдик. Чунки Марвазийнинг сарлавҳалари қисқа ва мисол келтирилган баъзи ривоятлар сарлавҳага унчалик мос эмаслигини мулоҳаза қилган Муҳаммад Саъид Бухорий замонавий мавзуларни қамраб олувчи сарлавҳалар қўйиб чиққанлар.
Бу камтарона ишимизда Аллоҳ таолонинг Ўзи мададкор бўлсин ва унинг барчамизга фойдали бўлишини насиб этсин.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7613-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.
Мундариҷа
- Муҳаммад Саъид Бухорийнинг муқаддимаси
- Қўлёзманинг васфи
- Муаллифнинг таржимаи ҳоли
- Шайхлари
- Шогирдлари
- Китобнинг илмий қиймати
- Бирр ва сила бўйича китоблар
- Муаллифнинг тутган йўли
- Шарҳга кириш
- Бирр ва сила маъноси ҳақида
- Биринчи қисм
- Ота-онага яхшилик қилиш ва оққ бўлишдан огоҳлантириш ҳақидаги боблар
- Ота-онага яхшилик қилишнинг фазли ҳақидаги боб
- Ота-онага яхшилик қилиш гуноҳлар мағфират қилинишига сабаблиги ҳақидаги боб
- Ота-онанинг розилиги ва уларга яхшилик қилиш жаннатга элтиши ҳақидаги боб
- Ота-онанинг бола ҳаққига ва зиддига дуоси ҳақидаги боб
- Онанинг яхшилик ва итоатга ҳаққлироқ экани ҳамда отадан бу борада устун қўйилиши ҳақидаги боб
- Мушрик онага силаи раҳм қилиш ҳақидаги боб
- Бирр ва оққликнинг тафсири ҳақидаги боб
- Иккисига яхшилик қилиш маъсият бўлмаган нарсаларда экани ҳақидаги боб
- Хулоса
- Иккисига яхшилик қилиш баъзи нафл ибодатлардан устинлиги ҳақидаги боб
- Бола ота-онасининг яхшилигини қайтариши ҳақидаги боб
- Ота-онага лутф кўрсатиш ва иккисига амр ва наҳйи қилмаслик ҳақидаги боб
- Ота-онанинг рағбатини рўёбга чиқариш уларга яхшилик қилишдан эканлиги ҳақидаги боб
- Ота-онага оро бериш хизмати ҳақидаги боб
- Отадан ўтиб кетмаслик, унга имом бўлмаслик ва олдида юрмаслик ҳақидаги боб
- Ота-онасининг олдида эрталаб ва кечқурун қандай туриш ҳақидаги боб
- Ота-онасига гапираётганда ўғлини ишора қилиб кўтармаслик ҳақидаги боб
- Ота-онага тик қарамаслик ҳақидаги боб
- Бола отасининг ўғлини қайтармаслиги ва у нима истаса қилишлиги ҳақидаги боб
- Ота-онанинг рухсатисиз жиҳод, ҳаж, ҳижрат ва тижоратга бормаслик ҳақидаги боб
- Ота-онани аллоҳ ҳаром қилган нарсадан боғлаб қўйиш ҳақидаги боб
- Ота-онага оқ бўлиш катта гуноҳларнинг каттаси экани ҳақидаги боб
- Оққлик жазосининг бу дунёда бўлиши ҳақидаги боб
- Ота-онасига оққ бўлганга аллоҳ қиёмат куни назар солмаслиги ҳақидаги боб
- Ота-онасига оққ бўлган жаннатга кирмаслиги ҳақидаги боб
- Бола ота-онасига нима ила оққ бўлади?
- Ота-онани сўкиш катта гуноҳларнинг каттаси экани ҳақидаги боб
- Боланинг отаси билан мажлисда хусумат қилиши оққликдан экани ҳақидаги боб
- Ўзидан оққлик гуноҳини кўтариш учун барча молини ота-онасига бериш ҳақидаги боб
- Иккинчи қисм. Ота-онага ўлимидан кейин яхшилик қилиш ва уларнинг ўрнини босадиганлар ҳақидаги боблар
- Ота-онанинг вафотидан кейин уларга қилинадиган яхшилик ҳақидаги боб
- Отанинг ўлимидан кейин унинг ака-укаларига силаи раҳм қилиш яхшиликдан эканлиги ҳақидаги боб
- Киши отасининг ўлимидан кейин унинг дўстига силаи раҳм қилиши яхшиликдан экани ҳақидаги боб
- Отасининг дўстидан алоқани узиш ҳақидаги боб
- Боланинг ота-онасининг ўлимидан кейин уларга дуоси ҳақидаги боб
- Ота-онанинг ўлимидан кейин уларга атаб садақаи жория қилиш ҳақидаги боб
- Холанинг ўрни ва унга яхшилик қилиш ҳақидаги боб
- Амакининг ўрни ва унга яхшилик қилиш ҳақидаги боб
- Катта аканинг ўрни ва унга яхшилик қилиш ҳақидаги боб
- Эмизган онанинг ўрни ва унга яхшилик қилиш ҳақидаги боб
- Дўстлик мерос қолиши ҳақидаги боб
- Хулоса
- Учинчи қисм
- Фарзандларга яхшилик қилиш ва уларга одоб бериш ҳақидаги боблар
- Болаларнинг оталардаги ҳаққлари тўғрисидаги боб
- Ота-онанинг болаларга муҳаббати ва бу уларга яхшилик қилишга сабаб экани ҳақидаги боб
- Болалар бахиллик ва қўрқоқлик сабаби ва аллоҳнинг райҳонларидан экани ҳақидаги боб
- Аҳли ва болаларини лозим тутиш фазли ҳақидаги боб
- Онанинг болаларига меҳри фазли ва ўша унинг жаннатга киришига сабаблиги ҳақидаги боб
- Болаларни гўзал одобли қилиш ҳақидаги боб
- Болалар тарбиясида пўписа қилиш услубини қўллаш ҳақидаги боб
- Қиз тарбия қилишнинг фазли ҳақидаги боб
- Опа-сингилни тарбия қилишнинг фазли
- Қизларни мажбурламаслик ҳақидаги боб
- Болалар муомаласида, ҳаттоки муҳаббат аломатларини изҳор қилишда ҳам адолат қилиш ҳақидаги боб
- Болаларга меҳр кўрсатиш ва уларни севиш ҳақидаги боб
- Болага меҳрибонлик кўрсатиш ота-онанинг вазифасидир
- Тўртинчи қисм ота-она ва аҳли аёлга нафақа қилиш ҳақидаги боблар
- Ота-онага хизмат қилишнинг фазли ҳақидаги боб
- Аҳли аёлга хизмат ва уларга нафақа қилиш ҳақидаги боб
- Аҳли аёлга қилинган нафақа етти юз мартагача кўпайтирилиши ҳақидаги боб
- Кишининг ўзи егулик бериб турган шахсни зое қилиши гуноҳ учун кифоя қилиши ҳақидаги боб
- Ота-онага, сўнг болаларга ва кейин яқинларга нафақа қилиш ҳақидаги боб
- Аҳли аёл нафақаси садақа ва аллоҳнинг йўлида экани ҳақидаги боб
- Қизларга нафақа қилишнинг фазли ҳақидаги боб
- Талоқ бўлиб қайтиб келганга нафақа қилиш ҳақидаги боб
- Қаробати борга ва ғарибга нафақа қилишнинг фазли ҳақидаги боб
- Болаларни одамлардан тиланиб юрадиган ҳолда тарк қилгандан кўра бой ҳолларида тарк қилиш яхши экани ҳақидаги боб
- Бинога нафақа қилиш ҳақидаги боб
- Нафақада исроф қилмаслик ва ҳаддан ошмаслик ҳақидаги боб
Ўхшаш китоблар
Кўпроқ кўришТошкентдаги Усмон Мусҳафининг тарихи
8 000 сўм
Билимсизликнинг шифоси савол. 1-китоб
15 000 сўм
Масжид одоблари
10 000 сўм
Ёлғон
8 000 сўм
Рўзага оид фатволар
13 000 сўм
Зикр аҳлидан сўранг. 3-қисм
15 000 сўм
Қазо намозига оид масалалар
8 000 сўм
«Hilol eBook» иловасини юклаб олинг
Китобларни қулай ўқиш имконига эга бўлинг